2023 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 3017-IV-сон қарори (иловаси билан) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Суд мажлисини Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов олиб борди. Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Конституциявий комиссия аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва ходимлари, Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, нодавлат нотижорат, илмий ва таълим ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни билан Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига риоя қилинганлиги, референдумга қўйилаётган Конституциявий Қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжуд эмаслиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан референдум тайинлаш тартибига риоя этилганлиги каби масалалар атрофлича ва ҳар томонлама муҳокама қилинди.
Хусусан, лойиҳа юзасидан фуқароларнинг фикр ва таклифларини қабул қилиш, умумлаштириш ва уларга жавоб қайтариш механизмлари жорий қилинганлиги, “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиниб, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги таъкидланди.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати вакиллари, адлия вазири ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг кўриб чиқилаётган масала юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Суд мажлисида Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўймасдан қабул қилиш ваколатига эга бўлса-да, уни қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганлигига эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш мамлакат тарихида биринчи марта қўлланилаётганлиги, референдум халқ иродасининг бевосита ифодаси эканлиги, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлиши, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир деган конституциявий тамойилга асосланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияни қабул қилиш халқнинг иродасига ҳавола қилиниши халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципини амалга оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Мажлисда эксперт ва мутахассислар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси халқ овоз берганидан кейин тўғридан-тўғри амалга киритилиши, бунда қўшимча ҳужжатлар қабул қилиш, Олий Мажлис томонидан муҳокамадан ўтказиш ёки имзолаш зарурати бўлмаслиги ва бу бевосита демократияга оид халқаро стандартларга мос келиши эътироф этилди.
Конституциявий суд “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг ҳар бир моддаси ва бандини атрофлича кўриб чиқди. Конституциявий суд томонидан референдум тайинлаш тартибига риоя этилганлиги ўрганилганда, Ўзбекистон Республикаси референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилиши “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун 14-моддасига мувофиқлигини ҳамда референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар мавжуд эмаслиги ҳақида тўхтамга келди.
Шу билан бирга мажлисда Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколати ҳисобланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мурожаатида кўрсатилган масала Сенатнинг тегишли қарори билан ҳам тасдиқлангандан сўнг амалга оширилиши таъкидланди.
Муҳокамалар якуни бўйича Конституциявий суд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига риоя қилинганлиги, референдумга қўйилаётган Конституциявий қонун лойиҳасида референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжуд эмаслиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан референдум тайинлаш тартибига риоя этилганлигини аниқлади.
Конституциявий суд томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси ўрганилиб, референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжуд эмас, деб топилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси янги таҳрири Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардаги мажбуриятларига ҳам мослиги аниқланди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига мувофиқ референдумга қўйилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи томонидан ёқлаб овоз берилган тақдирда юридик кучга эга бўлади. Бунда рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи референдумда иштирок этган бўлса, Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтган деб топади.
Мажлисда Конституциявий Қонун лойиҳасининг референдумга қўйилишини бевосита демократия, халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг конституциявий-ҳуқуқий шакли ва ифодаси, эканлиги, Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг референдумда халқ томонидан тўғридан-тўғри қабул қилиниши ушбу ҳужжатнинг олий юридик кучи ва мақомини янада мустаҳкамлаши, Конституциянинг
1-моддасида белгиланган Ўзбекистоннинг демократик республика эканлиги ҳақидаги тавсифи, шунингдек 7-моддасидаги халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиши, 32-моддасидаги фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этиши ҳақидаги конституциявий нормалардан келиб чиқиши ҳамда Конституцияга тўла мувофиқлиги таъкидланди.
Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, иш бўйича тўпланган материаллар, тарафлар ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 3017-IV-сон қарорини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топди ва тегишли қарорини эълон қилди.