eye
Конституциявий ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни
Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар, янги ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Республикамизда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар, яъни замон талабларидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш ва инсон ҳуқуқини таъминлашга қаратилмоқда. Бу борада бугунги кунда мамлакатимизда манзилли ижтимоий ҳимоя институти жорий этилди, кун сайин хусусий мулк эгалари кўпайиб боришини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар олиб борилмоқда. Халқимизнинг қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда. Албатта бундай очиқ фуқаролик жамиятида Конституция ва қонунларимиз ҳам замондан ортда қолмаслиги керак.

Бош Қомусимиз бугунги реал воқеликка мос бўлсагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади. Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар амалга ошириш учун махсус Конституциявий комиссия тузилиб, халқимизнинг таклифлари асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси илгари амалда бўлган “давлат – жамият – инсон” тамойилини ўрнига янги инсон қадрини улуғлашга қаратилган “инсон – жамият – давлат” тамойил асосида энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинди.

Бундай демократик тамойиллар асосида тайёрланаётган Конституциявий қонун лойиҳаси фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг асосий вазифа этиб белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев томонидан Конституциявий қонун лойиҳасига бир қанча фикрлар, таклиф-мулоҳазалар билдирган эди. Жумладан, “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” деган қоида бу инсон хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг муҳим рол ўйнайди.

Дарҳақиқат бу норма заҳматкаш халқимизнинг кўп йиллар давомида бошига тушган ташвиш, яъни заррача айби бўлмаган шахсга айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган сарқитлардан ҳоли этишга қаратилган десак хато бўлмайди.

Эндиликда агар ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топса, бугунги кунда мамлакатимиз манфаатига ўз ижобий ҳиссасини қўша оладиган қанчадан – қанча фуқароларимиз мутахассисликлар бўйича тегишли ташкилот ва идораларда ишлаш имконияти очилади.

Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Президент томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган исчил ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Конституцияда “инсон ҳуқуқлари”, “ижтимоий сиёсат” ва “фуқаролик жамияти” каби тушунчаларининг акс этиши ҳуқуқий жиҳатдан шахс ва фуқаро мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ишончимиз комилки, бу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада мустаҳкамлаш, мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли кафолатлашга хизмат қилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

 Конституциявий судининг

катта эксперти

Х. Абдурахманов

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш