eye
ФУҚАРОЛАРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Инсон ҳуқуқва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек фуқароларни мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаш ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида ўрни бор.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакат Конституциявий судлари билан кенг кўламли алоқалари янада ривожланиб бормоқда. Бунга биргина мисол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг конституциявий одил судлов соҳасидаги учта халқаро ташкилотларга жумладан, Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси, Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциациясига аъзолигини мисол қилиб кўрсатиш мумкин..

Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси 2011 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда 112 мамлакатнинг конституциявий назорат органларини бирлаштиради ҳамда конституциявий одил судлов соҳасидаги энг юқори даражадаги анжуман ҳисобланади. Унинг асосий мақсади конституциявий судларнинг судьялари ўртасидаги мулоқотга кўмаклашишдир. Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференциясининг котибияти вазифасини Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Ассоциация 2010 йил 12 июлда Жакарта шаҳрида Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Мўғулистон, Филиппин Республикаси, Тайланд Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ташкил этилган. Ҳозирги кунда Ассоциация аъзоларининг сони 20 тани ташкил этади. Ассоциациянинг асосий мақсади Осиё мамлакатлари конституциявий судлари томонидан конституциявий назоратни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократия кафолатлари, қонун устуворлиги соҳаларида ташкилот аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.

Евроосиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси 1997 йилда ташкил топган. Ушбу ассоциация умумэътироф этилган конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш, Конституция устунлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий мулоқот ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда ассоциацияга Aрманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг конституциявий назорат органлари аъзо ҳисобланади.

Ассоциация конституциявий назорат органларининг қонун устуворлиги ва жамиятдаги демократик жараёнларни ривожлантиришдаги ўта муҳим роли ва аҳамиятини эътироф этган ҳолда, ўтиш даврининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб маслаҳатлашув соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини максимал даражада оширишга ҳаракат қилади. Мунтазам равишда конституциявий одил судловнинг долзарб масалалари бўйича тематик мунозараларни ташкил этиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ёш демократия давлатларининг конституциявий назорат органлари ўртасида доимий равишда тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида маслаҳат институти сифатида хизмат қилиб келмоқда.

2022 йилЎзбекистон Республикаси Конституциявий судининг халқаро муносабатлари ўта самарали бўлди деб айтиш мумкин. Ҳисобот даврида Конституциявий суд вакиллари кўплаб халқаро конференция васеминарларда фаол иштирок этиб қайтишди.

Масалан, Туркия Республикаси Конституциявий судининг Президенти Зухту Арсланнинг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси М.Абдусаломов бошчилигидаги делегация 2022 йилнинг 24-28 апрель кунлари Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида Туркия Конституциявий судининг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирларда иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси М.Абдусаломов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчилари ҳамда Туркия Конституциявий суди вакилларини Конституциявий суднинг 60 йиллиги муносабати билан қутлаб, анжуман иштирокчиларига мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

2022 йил 15-16 июнь кунлари Корея Республикасинин Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг онлайн шаклда бўлиб ўтди 3-чи конференциясида ҳам мамлакатимиз Конституциявий суди вакиллари фаол иштирок этишди.

2022 йилнинг 18-20 август кунлари Мўғулистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Чинбат Намжилнинг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари А.Ғафуров бошчилигидаги делегация Мўғулистон Республикаси пойтахти Улан-Батор шаҳрида Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг “Осиёда конституциявий одил судлов соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар” мавзусидаги V Конгрессида иштирок этди. Тадбирда “Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар: конституциявий назорат ривожланишининг янги босқичи” мавзусида маъруза қилинди.

Шунингдек, Конституциявий суд вакиллари 2022 йилнинг 26 август куни Қозоғистон Республикасида ва 2022 йилнинг 4-7 октябрь кунлари Индонезия Республикасида бўлиб ўтган халқаро конференцияларда ҳамда2022 йил 22-25 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари конференцияси”да ва “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий юрисдикциялари Конференцияси (CCJ-I)”нинг таъсис Конгрессида иштирок этди.

Туркияда бўлиб ўтган халқаро анжуманда “Ислом дунёси конституциявий юрисдикциялари Конференцияси Низоми”и ҳамда “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий юрисдикциялари Конференцияси (TURK-AY) Низоми”қабул қилиниши келгусида ушбу мамлакатлар конституциявий назорат институтлари ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз албатта.

Сир эмас мамлакатимиз сўнгги йилларда кўплаб халқаро конференциялар ва турли анжуманларга мезбонлик қилмоқда. Ушбу анъанага содиқ қолган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда “Марказий осиё давлатларида конституциявий шикоят институтининг ривожланиш тенденциялари” мавзуcида халқаро конференцияни Самарқанд шаҳрида ташкил қилишни режалаштирган.

Ушбу халқаро тадбирни ташкил қилиниши энг аввало мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳитини халқаро жамоатчиликка етказишда, қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий назорат институтининг роли ҳақида тажриба алмашиш имконини беради.

 

ШЕРБЕК ИСАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

катта эксперти,

3-даражали Адлия маслаҳатчиси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш