eye
Конституциявий суд “Инсон қадри учун” тамойилини халқаро майдонда тарғиб қилади
Ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб иш олиб бораётган мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баланпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини назарда тутамиз” дея алоҳида таъкидлаган эдилар.

Давлат бошлиғининг ушбу сўзлари замирида, таъбир жоиз бўлса, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик, шунингдек, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият мужассам бўлган десак, асло муболаға бўлмайди. 

Ҳақиқатдан ҳам давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баланпарвоз тушунча эмас. Бу тушунча онгимизга минг-минг йиллардан буён сингиб келган. Ва, халқимизнинг диний, миллий қадриятлари асосида ҳаёт фалсафасига айланиб улгурган ўзгармас тамойилдир. Бу бежиз эмас, албатта. 

Маълумки, Исломда инсон қадри ҳамма вақт, ҳар ерда, ҳар қачон улуғланган. Ҳеч бир динда Ислом динида бўлганчалик, инсон азиз ва мукаррам дея улуғланмаган. 

Буюк шоир ва мутаффаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби, “миллатимиз қуёши” Мир Алишер Навоий бобомиз ўз ғазалларида инсон қадри ҳар нарсадан устун эканлигига урғу бериб, “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” ёки “Халойиққа кўрма қилиб бенаво, Ўзингга раво кўрмаганни раво” мазмундаги шоҳ байтларни битганларида Муқаддас Қуръони карим оятларидан таъсирланмаган деб ким айтаолади.

Буларнинг барчаси, Инсон қадри - Ислом дунёсида, хусусан юртимизда қадим-қадимдан улуғланиб келинганлигидан далолатдир.

Дарҳақиқат, “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатида ҳар қачонгидан ҳам устуворлик касб этар экан, бунда давлат органлари ва мансабдор шахслар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Бир сўз билан айтганда, Конституциявий суд мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга даъват этилган суд ҳокимияти ҳисобланади. Демак, ҳақиқатдан ҳам “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оиширишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида ўрни борлигини эътироф этиш зарур. 

Сир эмас, “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи асосида олиб борилаётган суд-ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолияти самарадорлигини ошириш  ва унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш йўналишида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид халқаро стандартларни таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий шикоят институтини ҳаётга тадбиқ этишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди роли ва ўрнини ошириш” муҳим вазифа этиб белгиланган.

Конституциявий суд фаолияти самардорлигини ошириш борасида мамлакатимиз Президенти белгилаб берган ва бошқа қатор вазифаларни амалга ошириш мақсадида сезларли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан халқаро ҳамкорлик соҳасида олиб борилаёган ишлар кўлами ҳар қачонгидан ҳам самарали бўлмоқда. 

Бунга ўтган йилнинг 22-25 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари конференцияси”да Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов бошчилигида делегацияни иштирокини мисол қилиш мумкин.

Мазкур халқаро анжуман ишида “Ислом дунёси конституциявий юрисдикциялари Конференцияси Низоми” лойиҳаси иштирокчилар томонидан бандма-банд муҳокама қилиниб, барча таклиф ва мулоҳазалар атрофлича ўрганилгандан сўнг, Низом қабул қилинди.

Келгуси икки йил давомида Конференцияга Туркия давлати Конституциявий суди мезбонлик қилишига келишиб олинди.

Ушбу халқаро Низомни мамлакатимиз Конституциявий суди томонидан имзолашнинг аҳамияти шундаки, шу вақтга қадар Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий назорат институтилари ўртасида бундай ҳамкорлик тўғрисида Низом имзоланмаган. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик фақат иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда бўлган.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасидаги Низомга қўшилиши “Инсон қадри учун” тамойилини амалга оширишда ўзига хос ўрни бор десак, асло муболаға бўлмайди.

Шу ўринда, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳақида қисқача маълумот: Мазкур ташкилот аъзолари сони жиҳатидан дунёдаги иккинчи йирик халқаро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотга 1969 йилнинг 25 сентябрида Марокаш пойтахти – Работ шаҳрида асос солинган. Унинг кўлами шу даражадаки, умумий аҳолиси 1,7 миллиард бўлган 57 давлатни ўз атрофида бирлаштирган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти тузилган дастлабки даврда унинг мақсади мусулмон давлатлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда бирдамликни таъминлаш бўлган. Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлиб кирган.

Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 36 давлатнинг конституциявий ва юқори судлари ҳамда конституциявий юрисдикцияни амалга оширувчи тегишли институтларнинг раислари ва вакиллларини иштирок этгани ислом давлатларида инсон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш борасида интилишлар ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этиб бораётганлигидан далолат беради.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари ўртасида имзоланган Низомнинг асосий мақсади нима? Инсон ҳуқуқларига оид масалаларда қандай ҳамкорлик қилинади? Буларга қуйдагиларни кўрсатиш мумкин: 

Кенг тарқалган ксенофобия ва исломофобияга қарши кураш; 

миллий конституцияларнинг қонун устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари тамойилларининг амалга оширилиши соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш ва ривожлантириш; 

конституциявий одил судлов соҳасида ўзаро манфаатли масалалар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш каби масалалар устувор этиб белгиланди. 

Ислом оламининг конституциявий юрисдикция институтлари томонидан қабул қилинган қарорларни нашр этиш, бунда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, минтақавий ва халқаро даражаларда конституциявий одил судловга оид долзарб мавзуларда конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ташкил этиш белгиланди.

Кўриб турганингиздек, ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Низомда жуда кўп масалалар қамраб олинган. Буларнинг барчаси ислом дунёси давлатларида конституция ва қонун устунлигини таъминлаш, ижтимоий адолатга таянган қонунчиликни мустаҳкамлаш, конституциявий одил судловни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг “Ислом дунёси конституциявий юрисдикциялари Конференцияси Низоми”ни имзоланишида таъсисчи давлатлар қаторида бўлиши келгусида конституциявий тузумни мустаҳакамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллий қонунчликни демократлаштириш ва энг муҳими, Давлатимиз раҳбари белгилаб берган мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид халқаро стандартларни таъминлаш”даги халқаро ҳамкорлик борасида амалга оширадиган ишларига янги мазмун ва аҳамият касб этади.

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

АКМАЛЖОН РАХМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди 

судьялари

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш