2022 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мослигини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда иш режасида белгиланган ташкилий-маърифий тадбирларни бажаришга қаратилди.
2022 йилда Конституциявий суд томонидан жами 979 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганиб чиқилди. Шундан, 59 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 61 та фармони, 218 қарори, 12 фармойиши, Қорақалпоғистон Республикасининг 11 та қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 605 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 13 та буйруғи ташкил этади.
2022 йил давомида Конституциявий суд томонидан 12 та иш кўриб чиқилиб, 1 та қарор ва 11 та ажрим қабул қилинди. Мазкур кўрилган ишларда асосан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мослигини ўрганишга қаратилди.
Ўтган давр мобайнида Конституциявий судга жами 1 376 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 521 таси Конституциявий судга бевосита юборилган. Мурожаатларнинг 855 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси (www.pm.gov.uz) орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг 1 299 таси жисмоний шахслар, 77 таси юридик шахслар томонидан юборилган. Мурожаатларнинг 175 таси (13%) бевосита Конституциявий суднинг ваколатига тегишли масалаларга оид бўлиб, улар Конституциявий суд судьялари томонидан ўрганиб чиқилиб, муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилган.
Судья ва экспертлар томонидан 83 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг вакиллари Конституциявий судда қабул қилинди, уларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Конституциявий судда фуқароларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиш мақсадида “Фуқароларнинг онлайн қабули” портали ишга туширилди. 2022 йилда20 яқин фуқароларни Конституциявий судга қилган онлайн мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Конституциявий суд судьялари ва экспертлари томониданаҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда фаолиятига оид маълумот, ахборотларни кенг аудиторияга тақдим этиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилди. Чунончи, Конституциявий суд судьялари ва ходимлари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами
171 та чиқишлар қилинди. Шундан газета ва журналларда мақолалар – 44 та, веб-сайтда 38 та, телевидение ва радиода – 89 та интервью ва суҳбатлар ташкил этилган. Уларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва Конституциявий суд фаолияти билан фуқароларни хабардор қилишга, мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда суд ҳокимиятининг ўрни ва ролини ёритишга эътиборқаратилди.
Ўтган йилдаКонституциявий суд судьялари ва девон ходимлари 46 та халқаро анжуманларда, республика даражасида бўлиб ўтган 51 та конференция, семинар, давра суҳбатларида маърузаларбилан фаол қатнашдилар. Шунингдек, Конституциявий суд вакиллариқатор хорижий давлатларда ташкил этилган халқаро конференция ва семинарларда иштирок этдилар.
Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2023 йил I ярим йилликда амалга ошириладиган иш режаси тасдиқланди.
Конституциявий суднинг иш режасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор йўналишлар, Мурожаатноманинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича Конституциявий суд томонидан амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинган. Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, суднинг очиқлигини ва Конституция нормаларининг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш юзасидан чора-тадбирларни давом эттириш, Конституциявий судда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида мурожаатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди Девони