Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихий аҳамиятга эга. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган бўлиб, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари стратегик ҳамкорликка асосланган ва сўнгги йилларда барча соҳаларда муваффақиятли ривожланиб бормоқда. Олий даражадаги, парламентлараро, идоралараро алоқалар сезиларли даражада юксалди, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар яқин эканлиги ҳамкорликни янада жадал ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти 2016 йил апрель ойида инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар мақомида ташкил этилган. Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти Президиум ва Кенгашдан иборат бўлиб, Президент томонидан тайинланадиган ўн бир аъзодан иборат. Кенгаш ўз вазифалари ва ваколатларини мустақил равишда амалга оширади.
Туркиянинг инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти қуйидаги учу асосий тамойиллар асосида ишлайди:
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- дискриминацияга қарши кураш;
- қийноқлар ва шафқатсиз муомалага қарши кураш.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий муносабатлар билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида ҳам икки томонлама муносабатлар йўлга қўйилган ва ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси Конституциявий судлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси Туркия Конституциявий суди тажрибасини яқиндан ўрганиш ҳамда бир қатор конференция ва симпозиумларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Учрашув давомида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов ташриф буюрган меҳмонларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди.
2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинганлиги, қонун билан конституциявий шикоят институти (фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш) жорий этилганлиги ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилиб – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил киритилгани ҳақида маълумот берилди. Яъни, мазкур субъектлар инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар эканига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, қонунлар, Президент фармонлари, қарорлари қабул қилингани ва Конституциявий ислоҳот олиб борилиши учун конституциявий комиссия фаолият юритаётгани ҳақида сўзлаб берди.
Шу ўринда делегация раҳбари М.Килич давлатларимиз тарихий, этник бирлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳар икки давлат ва идоралар учун фойдали бўлишини айтиб ўтди.
Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти фаолияти инсон ҳуқуқларининг барча соҳаларида, хусусан инсон ҳуқуқлари ва тенглик билан боғлиқ масалалар бўйича университетларнинг ўқув дастурларини яратиш ва уйғунлаштиришда университетлар билан ҳамкорлик қилиш, давлат муассасалари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари ва тенглиги соҳасида таълим дастурларини яратишга кўмаклашиш, йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва фаолияти юзасидан мамлакат Президентига ҳамда парламентига ҳисобот тақдим этиш кабиларда намоён бўлади.
Институт ўз фаолиятида Туркия Конституциявий суди билан мурожаатлар ва уларнинг ечимида яқиндан иш олиб бориши маълум қилинди. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Конституциявий суди билан ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни, идоралараро тадбирлар, конференциялар ташкил этишни келишиб олиш тўғрисида таклиф билдирди.
Учрашувда Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти Кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва экспертлари ва бошқалар иштирок этдилар.
Конституциявий суд
Девони