2022 йил 14 март куни суд тизими олдига қўйилган вазифаларни ҳамда аёл судьялар ҳамжамиятининг ечим талаб этаётган масалаларини ўзаро муҳокама қилиб олиш, шунингдек 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Омбудсман ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан хамкорликда “Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли” мавзусида конференция ўтказилди. Мазкур сана дунёда биринчи маротаба нишонланиб, Ўзбекистон Республикасида ҳам аёл-судьялар тадбирда йиғилдилар.
Бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш бутун дунёда кузатилаётган тенденциялар халқаро судлар тизимидаги ҳам ўз аксини топиб, БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан “10 март – Халқаро аёл судьялар куни” деб белгиланди.
Жумладан, 2021 йил 28 майдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори билан “Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра 2030 йилга қадар судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга кўтариш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
28 январдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” алоҳида мақсад қилиб белгиланган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 1 март куни ўтказилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳамда 2022 йил 7 март куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида хотин-қизлар учун яратилаётган янги имтиёз ва шароитлар белгиланиб, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини тиклаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда бандлигини таъминлаш, шунингдек, барча соҳа ва тармоқларда аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, гендер кўрсаткичларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Пьер фон Аркснинг қутлов сўзлари билан бошланди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, аёл-судьялар, олимлар ва илмий ходимлар кун тартибидаги масала юзасидан тайёрланган маърузалари билан чиқдилар.
Муҳокамада суд соҳасидаги гендер тенглик ҳолати ва истиқболдаги режалар, суд тизимидаги гендер вазиятни янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар, хорижий аёл судьялар ассоциациялари ва миллий аёл судьялар ҳамжамиятини ташкил этиш шарт-шароитлари, шунингдек мамлакатимизда суд соҳасида амалга оширилаётган гендер тенгликка оид ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ўрин олди.
Конференция якунида мамлакатимиз одил судлов соҳасида кўп йилар давомида фидокорона меҳнат кўрсатган бир гуруҳ аёл судьялар Олий Мажлис Сенатининг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирландилар.
Тақдирланганлар сафида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг аёл-судьяси Кошаева Сайёра Режипбаевна ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, шунингдек Ўзбекистонда конституциявий одил судловни амалга оширишга қўшган ҳиссалари муносиб тақдирланиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.
Шунингдек, конференция натижалари бўйича аёл судьялар ҳамжамияти бутун Ўзбекистон Республикаси одил судлов тизимига мурожаатнома йўллади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди