Делегация аъзолари сифатида Конституциявий суд судьяси Б.Мирбобоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси мутахассиси З.Норметов ҳамда Конституциявий суд катта эксперти С.Норбековлар ҳамрохлик қилдилар.
Ташриф давомида делегация аъзолари Туркия Конституциявий судининг, шунингдек Туркия бошқа судларининг илғор тажрибалари билан яқиндан танишди.
Делегациянинг биринчи учрашуви Туркия Конституциявий суди биносида Туркия Конституциявий суди Президенти раҳбарлигидаги Туркия Конституциявий суди делегацияси билан бўлиб ўтди.
Туркия Конституциявий судида: унинг таркибий тузилиши, кадрлар сиёсати, амалдаги судья ва ходимларнинг малакасини ошириш масалалари, судьялар корпусини шакллантириш, уларни рағбатлантириш, фаолиятини баҳолаш мезонлари ва тартиби масалалари ўрганилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси Туркия музокаралар суди, Туркия Адлия вазирлиги, Туркия Олий кассация суди, Туркия Маъмурий ишлар бўйича Олий судига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан танишди. Барча судларда Ўзбекистон делегацияси билан уларнинг биринчи раҳбарлари учрашув ўтказди, суд биноси ва ходимлари иш фаолияти билан таништирди.
Музокаралар давомида қуйидаги келишувларга эришилди:
– Ўзбекистон ва Туркия Конституциявий судлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик битимини кейинги учрашувлар давомида имзолаш;
– Конституциявий суд судьялари ва девон ходимларининг малакасини ошириш бўйича ҳар йили биргаликда ўқув машғулотларини ўтказиш, тингловчилар алмашинуви доирасида қисқа муддатли ўқув курслари ва амалиётини (стажировкасини) йўлга қўйиш;
– конституциявий суд ишларини юритиш соҳасида долзарб муаммолар юзасидан ҳамкорликда илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил этиш.
Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси томонидан Ўзбекистонда кейинги беш йилда конституциявий одил судлов соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида Туркия томони учун тақдимотлар ўтказилди.
Умуман олганда, учрашувларда Туркия Конституциявий суди тажрибасини чуқурроқ ўрганиш ва уларнинг айримларини келажакда бошқа давлатлар Конституциявий судлари фаолияти билан таққослаб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга имплементация қилиш масаласини кўриб чиқиш мумкин, деган хулосага келинди. Ташриф натижалари келажакда ўзининг самарасини беради, деган ишонч билдирилди.
Туркия томони билан бўлган ҳар бир учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги учрашувларда ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик масалалари юзасидан белгилаб берилган вазифалар Ўзбекистон ва Туркия Конституциявий судлари ҳамкорлиги учун асос бўлиши эътироф этилди.
Делегациянинг ташрифи ҳақида Туркия Конституциявий суди сайтида ҳам маълумотлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Котибияти