Маълумки, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихий аҳамиятга эга. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари стратегик ҳамкорликка асосланган бўлиб, сўнгги йилларда барча соҳаларда муваффақиятли ривожланиб бормоқда.
Олий даражадаги, парламентлараро, вазирлик ва идоралараро алоқалар сезиларли даражада юксалди. Бунда албатта ўзаро муносабатлар давлатларимиз раҳбарларининг яқин ва ишончли дўстлиги асосида ривожланаётганини айтиш ўринлидир.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий муносабатлар билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида ҳам икки томонлама муносабатлар йўлга қўйилган ва ўзаро тажриба алмашиш амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси Конституциявий судлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали амалга оширилиб келинмоқда.
Учрашув давомида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов ташриф буюрган меҳмонларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ конституциявий одил судловни демократлаштириш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилганлиги ҳақида сўзлаб берди.
2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинганлиги, қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилганлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловлари якуни, сайловларнинг Конституция ва Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилганлиги, Президентнинг лавозимига киришишига бағишланган парламент палаталарининг мажлисидаги Президент нутқининг моҳиятига тўхталиб ўтди.
Туркия Низолар суди суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзига хос институт бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги ҳақида томонлар якдилликка эришдилар.
Ўз навбатида Туркия Низолар суди раиси, Конституциявий суд аъзоси Жалол Мумтоз Акинжи Ўзбекистон суд органлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида делегация аъзолари билан ташриф буюрганини билдирди. У Низолар суди ҳақида маълумотлар бериб, ушбу суд тўғрисида нормалар Туркия Конституциясида мустаҳкамланган бўлиб, мазкур суд тузилишига ва фаолиятига кўра ўзига хос суд органи ҳисобланади. Низолар суди Туркияда фаолият юритаётган судлар ўртасида судловга оидлилик ва бошқа процессуал масалалар бўйича келишмовчиликларни бартараф этади. Бу суд Туркия Олий суди вакиллари, Адлия вакиллари, Ҳисоб палатаси ва адвокатлик тузилмаси вакилларидан иборат таркибда фаолият юритиши ҳақида билдириб ўтди.
Низолар суди раиси икки томонлама ҳамкорликни, ўзаро тажриба алмашишни янги босқичларга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Конституциявий суди вакилларини Туркияга суд-ҳуқуқ тизими билан янада яқинроқ танишиш мақсадида хизмат сафари билан ташриф буюриш учун таклиф қилди.
Учрашувда Туркия Низолар суди, Конституциявий суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, матбуот ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.
Конституциявий суд
Девони