Учрашув давомида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов иштирокчиларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. У Конституциявий суднинг юрисдикция доираси ўзгаргани ва унинг фаолиятини такомиллаштириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтди.
У сўнгги беш йилда республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Респубикаси қонунчилигини демократлаштириш шунингдек, Конституциявий суд ва судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилгани ҳақида гапирди.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, 2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди.
Қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилди.
Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келади ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, яқин қўшничилик муносабатлари янги босиқчга чиққани баробарида Қозоғистон Конституциявий Кенгаши билан дўстлик, тажриба алмашиш муносабатларини янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий қоидалари ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Конституциявий суд раиси янги Сайлов кодекси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг ҳамда Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилганига, кўплаб хорижлик экспертлар Кодекс демократик ва халқаро стандартларга мос деб баҳоланганлигига эътибор қаратди.
Ўз навбатида Қозоғистон Парламенти Мажлиси депутати Ф.Каратаев Ўзбекистон ва Қозоғистон дўст қардош давлатлар экани, Ўзбекистонда аввалги сайловларда ҳам иштирок этиб, бу ерда сайлов амалиёти шакллангани, келажакка интилиш борлигини таъкидлади.
Депутат Ф.Каратаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида нафақат парламент йўналишида, балки таълим ва маданият соҳасида ҳам ўзининг фикрларини билдириб, ҳар икки давлатда олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш ўринли экани, кадрлар тайёрлашда тажриба алмашинув ижобий самара бериши тўғрисида фикр билдирди.
Учрашувда шунингдек Қозоғистоннинг “Маърифат анна” МЧЖ раҳбари С.Фахриддинов ва “Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси” АЖ вакили Г.Джуманов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва экспертлари иштирок этди.
Учрашув дўстона мулоқот ва ўзаро тушуниш муҳитида ўтди.
Конституциявий суд
Девони