eye
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича Миссияси раҳбари билан учрашув
2021 йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломовнинг ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини кузатиш бўйича Миссияси раҳбари О.Мерфи билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов иштирокчиларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. У Конституциявий суднинг юрисдикция доираси ўзгаргани ва унинг фаолиятини такомиллаштириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтди.  

У сўнгги беш йилда республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Респубикаси қонунчилигини демократлаштириш шунингдек, Конституциявий суд ва судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилгани ҳақида гапирди.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, 2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги  Конституциявий қонун қабул қилинди.

Қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилди.
Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Унинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келади ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилади.   

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий қоидалари ҳақида ҳам суҳбат бўлиб ўтди.

Конституциявий суд раиси мазкур Сайлов кодекси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг  ҳамда Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси экспертлари фаол иштирокида ишлаб чиқилганига эътибор қаратди. Кўплаб хорижлик экспертлар Кодекс  демократик ва халқаро стандартларга мос деб баҳолади.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Респубикаси Президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари О.Мерфи учрашув иштирокчиларига Миссия ваколатлари тўғрисида қисқача маълумот берди. 

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломовга янги Конститууциявий қонунга мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилган фуқаролар ҳуқуқлари,  ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида кўрилган ишлар бўйича саволлар билан мурожаат қилинди. Саволларга батафсил жавоблар берилди. 

Учрашувда шунингдек Миссия аъзоси, ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлилчи Елена Ковалева, Конституциявий суд судьялари ва экспертлари иштирок этди.

Учрашув жонли мулоқот ва ўзаро тушуниш муҳитида ўтди.

 

 

Конституциявий суд

Девони

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш