eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД МАЖЛИСИДА
2021 йилнинг 9 ва 13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида “Aloqainvest” ва “Alta vetta” масъулияти чекланган жамиятларининг Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни 18-моддасининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқлигини текшириш ва Ўзбекистон Республикасинининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 54-моддасининг тўққизинчи қисмига шарҳ бериш тўғрисидаги мурожаати очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида “Aloqainvest” ва “Alta vetta” масъулияти чекланган жамиятларининг вакиллари Ж.Артиков ва Ш.Ботиров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Н.Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори У.Хамидов иштирок этди. Шунингдек, суд мажлисига таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Ф.Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси О.Холмирзаев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директорининг ўринбосари У.Узаков, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қашқадарё вилояти бўлими эксперти Т.Худойбердиев иштирок этди. Конституциявий суд тарафлар, гувоҳлар ва кўрсатиб ўтилган идоралар вакилларининг фикрларини тинглади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 4-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 69, 72, 82 ва 86-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қабул қилди. Мазкур Қарор “Халқ сўзи” газетаси, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш