Мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги илк қонун 1993 йил 6 майда қабул қилинган бўлиб, у ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини яратиш йўлидаги дастлабки қадам эди. Ушбу соҳадаги навбатдаги босқич сифатида 1995 йил 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунни кўрсатиб ўтиш зарур. Бу қонун қарийб 20 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатимизда Конституциявий суд фаолиятининг ҳуқуқий асоси сифатида амалда бўлиб келди. 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ, унинг ваколати доираси кенгайтирилиши билан бирга судья лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар, уларнинг ваколат муддатлари билан боғлиқ қатор нормалар жорий қилинди.
Мазкур ислоҳотларга қарамай, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кун тартибидан тушмади. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлди. Ушбу қарорда Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига фуқаролар ва юридик шахсларни киритиш ҳуқуқини бериш, шунингдек, Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал хусусиятларини (судга масала киритиш тартиби, суд муҳокамаси, муддатлари, суд қарорлари ижроси ва бошқаларни) тартибга солувчи нормаларни киритиш назарда тутилган эди.
Бу конституциявий ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилган масалалар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунда тўлиқ инобатга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 27 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун имзоланди. Қонун 13 боб ва 101 моддадан иборат.
Янги Қонунда бир қатор муҳим ўзгартиришлар назарда тутилган. Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқининг берилиши бўлди. Фуқаролар муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ишончли кафолатлашга хизмат қилади.
Давра суҳбатида GIZ Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти эскперти, Венециан комиссияси аъзоси Aлександру Тэнасенинг «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий одил судловнинг ўрни (Молдова мисолида)» мавзусидаги маърузаси ҳамда миллий маърузачилар «Конституциявий одил судлов ва судьялар мустақиллиги: миллий ва халқаро амалиёт» ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунининг асосий мазмуни ва моҳияти» мавзуларида маърузалар қилишди.
Давра суҳбатида Конституциявий суд ташкил этилган даврдан бошлаб бугунги кунга қадар конституциявий одил судловни амалга оширишда ўтказилган ислоҳотлар ва янги таҳрирда қабул қилинган конституциявий қонундан кутилаётган натижалари кенг муҳокама қилинди.