Маълумки, 2021 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Қонуннинг асосий янгиликларидан бири – конституциявий шикоят институти жорий этилди. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Вебинар конституциявий шикоят институтига бағишланди. Вебинарни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Э.Абдусаломов ҳамда “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” халқаро ҳамкорлик бўйича немис жамияти минтақавий дастури (GIZ) директори Йорг Пуделька кириш сўзи билан очдилар.
Латвия Республикаси Адлия кенгаши Котибияти раҳбари А.Спале “Конституциявий шикоят институти: моҳияти ва моделлари” мавзусида маъруза қилди. Маърузадан сўнг конституциявий шикоят институтининг назарий ва амалий жиҳатлари, Латвия Конституциявий судининг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишдаги тажрибаси юзасидан савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди.
Тадбир якунида демократик давлатларда конституциявий шикоят институти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим институтларидан бири эканлиги таъкидланди. Ўзбекистонда конституциявий шикоятнинг киритилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
10.05.2021 й.